NEWS

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИЧА ТУРИЗМ

Нуристонлик нурчилар Хоразм халқ меъморчилигининг ноёб дурдоналари бўлган мадраса, масжид, сарой ва муаззам минораларни ўзида мужассам этган Хивадаги қадимий ёдгорлик саналган Ичанқалъада бўлдилар.
- 2500 ёшга тўлган афсонавий шаҳар дея эътироф этилаётган Хивада меъморий обидаларни томоша қилар эканмиз, ўзимизни ўрта асрларда юргандек ҳис этдик,- дейди “Толимаржон ИЭС” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Анвар Аширов. - У ички қалъа –Шаҳристон, ташқи –Дишан қалъалардан иборат экан. Бу муқаддас қадамжога ташриф буюрсангиз, 4 даврга хос тарихий ёдгорликларни кўрасиз. Ичан қалъа меъморий ёдгорликлари ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, ганчкорлик, сиркор сопол ва бошқа миллий наққошлик услублари билан безатилганлиги бизни ҳайратга солди. 1990 йилдан Ичан қалъа ансамбли Бутун жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган экан. Хива ўрта асрларда илм фан ривожланган маскан бўлган.
“Толимаржон ИЭС” акциядорлик жамияти маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан ишчи-хизматчиларнинг янгиланаётган Ўзбекистонимиздаги қадимий меъморий объектлар, муқаддас қадамжолар билан таништириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир ҳур диёримизда ички туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши билан аҳамиятлидир.

“Толимаржон ИЭС” АЖ Матбуот хизмати.